2026-йилда Ўзбекистонда хонадон улушини қандай сотиш мумкин: батафсил ҳуқуқий қўлланма
Ўқиш вақти 11 дақиқа
2026-йил 9-ноябр янгиланди

Мазмуни
- Нима улуш ҳисобланади ва уни сотиш мумкинми
- Бошқа мулкдорларнинг розилигисиз улушни сотиш мумкинми
- Имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи: бошқа мулкдорлар қандай хабардор қилинади
- Умумий мулкдорлар хабардор қилинмаса нима бўлади
- Сотиш ўрнига ҳадя расмийлаштириш мумкинми
- Битимни қандай расмийлаштириш ва қандай ҳужжатларни тайёрлаш керак
- Солиқлар ва алоҳида ҳолатлар
- Улуш ўрнига хонани сотиш мумкинми
- Кўп учрайдиган хатолар ва тавсиялар
Ўзбекистонда квартирадаги улуш бир ёки бир нечта мулкдорга тегишли бўлиши мумкин. Уларнинг ҳар бири кўчмас мулкнинг ўзига тегишли қисмини қонунчилик талабларини инобатга олган ҳолда тасарруф этиш ҳуқуқига эга. Улушни ортиқча хавф-хатарларсиз сотиш учун улушдорларни тўғри хабардор қилиш, ҳужжатларни тайёрлаш ва юзага келиши мумкин бўлган солиқ мажбуриятларини ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга. Мазкур мақолада битим қандай амалга оширилиши, қайси ҳолларда бошқа шахсларнинг розилиги талаб этилиши ва расмийлаштиришдан олдин нималарни текшириш кераклигини кўриб чиқамиз.
Нима улуш ҳисобланади ва уни сотиш мумкинми
Квартирадаги улуш — бу кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқининг бир қисми бўлиб, албатта алоҳида хона ёки уй-жойнинг ажратилган қисми бўлиши шарт эмас. Масалан, агар квартира икки кишига тенг шартларда тегишли бўлса, уларнинг ҳар бирига 1/2 қисмдан улуш тегишли бўлади. Бунда аниқ хоналар мулкдорларга бириктирилмаган бўлиши ҳам мумкин.
Қонунчилик умумий улушли мулк ва умумий биргаликдаги мулкни ўзаро фарқлайди. Биринчи ҳолатда ҳар бир мулкдорнинг улуши аниқланган бўлади: масалан, 1/2 ёки 1/3 қисм. Иккинчи ҳолатда эса улушлар олдиндан белгиланмаган бўлади. Бундай тартиб, хусусан, эр-хотиннинг умумий мол-мулкига нисбатан қўлланилиши мумкин. Шу сабабли битим тузишдан олдин хонадонга нисбатан мулк ҳуқуқининг айнан қайси тури расмийлаштирилганини текшириш муҳимдир. Агар улушлар белгиланмаган бўлса, дастлаб уларни ўзаро келишув асосида ёки суд орқали аниқлаб олиш талаб этилиши мумкин.
Бошқа мулкдорларнинг розилигисиз улушни сотиш мумкинми
Ҳа. Улуш мулкдори бошқа эгаларининг умумий розилигини олмасдан туриб ҳам ўзига тегишли мол-мулк қисмини тасарруф этишга ҳақли. Бироқ бегона шахсга сотишда бошқа мулкдорларнинг имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига риоя қилиш зарур. Бу қоида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 224-моддасида мустаҳкамланган.
Бошқача айтганда, сотувчи аввало ўз улушини умумий улушли мулкнинг бошқа иштирокчиларига ёзма равишда таклиф қилиши шарт. Агар улар сотиб олишдан бош тортсалар ёки белгиланган муддат ичида ўз ҳуқуқларидан фойдаланмасалар, кўчмас мулкни учинчи шахсга сотиш мумкин.
Битим шартларини ҳисобга олиш ҳам муҳим: улушни бегона харидорга бошқа мулкдорларга таклиф қилинганидан арзонроқ ёки у учун қулайроқ шартларда сотиш мумкин эмас. Агар хабарнома юборилгач, нарх ёки бошқа муҳим шартлар харидор фойдасига ўзгарса, хабардор қилиш тартибини қайтадан амалга ошириш лозим.
Имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи: бошқа мулкдорлар қандай хабардор қилинади
Сотувчи ҳар бир умумий мулкдорга квартирадаги ўз улушини сотиш нияти ҳақида ёзма билдиришнома юбориши шарт. Билдиришномада улуш ҳажми, нархи ва бўлажак битимнинг бошқа шартлари, жумладан тўлов тартиби кўрсатилиши лозим. Бу бошқа мулкдорларга бегона харидорга таклиф қилинадиган шартлар асосида қарор қабул қилиш имконини беради.
Кўчмас мулк учун қонун билдиришнома берилган кундан бошлаб бир ойлик муддатни белгилайди. Агар ушбу муддат ичида умумий мулкдорлар сотиб олишдаги имтиёзли ҳуқуқларидан фойдаланмасалар ёки ундан ёзма равишда воз кечсалар, сотувчи учинчи шахс билан шартнома тузиши мумкин.
Агар Ўзбекистондаги квартиранинг улуши бегона шахсга сотилаётган бўлса, қолган мулкдорлар уни айни шу шартларда сотиб олиш имкониятига эга бўлишлари лозим.
Билдиришномани нафақат тузиш, балки унинг юборилгани ва қабул қилиб олинганини тасдиқлаш имконига эга бўлиш ҳам муҳимдир. Амалиётда бунинг учун нотариусга мурожаат қилиш, топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат жўнатиш ёки топширилгани тасдиқланадиган курьерлик етказмасидан фойдаланиш мумкин. Муайян усулни битимни расмийлаштирадиган нотариус билан олдиндан келишиб олган маъқул.
Агар умумий мулкдор улушни сотиб олишга рози бўлса, сотувчи унинг имтиёзли ҳуқуқини инобатга олиши керак. Агар у рад этса ёки бир ой давомида жавоб бермаса, уни учинчи шахсга сотиш мумкин бўлади.
Умумий мулкдорлар хабардор қилинмаса нима бўлади
Имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқининг бузилиши битимнинг автоматик равишда бекор бўлишини англатмайди. Бироқ бошқа мулкдор судга мурожаат қилиб, харидорнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўзига ўтказишни талаб қилишга ҳақлидир. Фуқаролик кодексининг 224-моддасида бундай мурожаат учун уч ой муддат белгиланган.
Натижада харидор судга мурожаат қилган умумий мулк иштирокчиси билан алмаштирилиши мумкин. Шу сабабли, квартирадаги улушни тегишли тартибда хабардор қилинганини тасдиқловчи далилларсиз сотиш судлашувлар ва қўшимча харажатлар хавфини келтириб чиқаради.
Сотиш ўрнига ҳадя расмийлаштириш мумкинми
Улушни ҳадя қилиш имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини назарда тутмайди: мулкдор мол-мулкни бошқа шахсга беғараз тарзда топширади. Бундай битимнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида батафсил маълумотни «Улушни ҳадя қилиш» материалида ўқишингиз мумкин.
Бироқ ҳадядан фақатгина хабардор қилиш тартиб-таомилини четлаб ўтиш
мақсадида фойдаланиш хавфлидир. Агар томонлар амалда пул беришга келишиб, ҳадя
шартномасини фақат олди-сотдини яшириш учунгина тузган бўлсалар, суд бу битимни
қалбаки (кўзбўямачилик учун тузилган) деб топиши мумкин. Бундай ҳолатда ҳуқуқий
оқибатлар томонлар муносабатларининг ҳақиқий моҳиятидан келиб чиққан ҳолда
белгиланади.
Ўзбекистонда иккиламчи бозорда квартира улушини сотиш — кўпинча кўчмас мулк билан боғлиқ битимлар занжиридаги илк қадам ҳисобланади. Агар бу битимдан сўнг янги қурилган уйлардан хонадон харид қилишни ўйлаётган бўлсангиз, SalomUy’даги объектларга эътибор қаратинг. Сизга энг сараларини тақдим этиш мақсадида биз қурувчи компанияларнинг таклифларини ҳар куни кузатиб борамиз.
Квартира топишБитимни қандай расмийлаштириш ва қандай ҳужжатларни тайёрлаш керак
Квартирадаги улушни сотиш учун аввало ҳужжатлар ва рўйхатга олинган ҳуқуқлар тўғрисидаги маълумотларни текшириш зарур. Сотувчида мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлиши, квартира ва унинг улушлари ҳақидаги маълумотлар эса давлат реестри маълумотларига мос келиши лозим.
Агар сиз квартирадаги улушни сотишга қарор қилган бўлсангиз, аввал кўчмас мулк ҳужжатларини текширинг ва мулкдорлар ҳақидаги маълумотлар долзарб эканига ишонч ҳосил қилинг.
Битим жараёнини бир неча босқичга бўлиш мумкин:
- 1Мулк ҳуқуқини текшириш. Улуш ҳажмини, унга эгалик қилиш асосини ва кўчмас мулкни тасарруф этиш бўйича чекловлар мавжудлигини аниқлаштириш.
- 2Бошқа мулкдорларни хабардор қилиш. Ёзма билдиришномалар юбориш ҳамда жўнатилгани ва топширилганини тасдиқловчи ҳужжатларни сақлаб қўйиш. Шундан сўнг бир ойлик муддат тугашини кутиш ёки ёзма рад жавобларини олиш лозим.
- 3Харидор билан шартларни келишиб олиш. Шартномада объект, улуш ҳажми, нархи вf ҳисоб-китоб қилиш тартиби тўғри кўрсатилган бўлиши лозим.
- 4Шартномани нотариал тасдиқлаш. Квартирани ёки унинг бир қисмини бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ битимлар нотариал тасдиқланиши шарт.
- 5Ҳуқуқ ўтишини рўйхатдан ўтказиш. Нотариал расмийлаштирувдан сўнг маълумотлар давлат рўйхатидан ўтказиш учун юборилади. Харидор белгиланган тартибда ҳуқуқ ўтиши рўйхатдан ўтказилгач, мулкдорга айланади.
Агар улуш никоҳ даврида олинган бўлса, қўшимча равишда турмуш ўртоғининг нотариал тасдиқланган розилиги талаб қилиниши ёки қилинмаслигини аниқлаш зарур. Бу мол-мулкнинг ҳуқуқий режимига ва унинг олиниш асосига боғлиқ. Масалан, ҳадя ёки мерос тарзида олинган мол-мулк одатда умумий мулк эмас, балки турмуш ўртоғининг шахсий мулки ҳисобланади.
Солиқлар ва алоҳида ҳолатлар
Улуш сотилганда солиқ тўлаш керакми
Турар жой кўчмас мулкини сотишдан олинган даромад ҳамма ҳолларда ҳам жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилавермайди. Солиқ кодексига мувофиқ, агар турар жой сотувчининг мулкида камида 36 календарь ой бўлган бўлса, уни сотишдан олинган даромад солиқдан озод этилади. Агар бу муддат камроқ бўлса, 12% ставкада солиқ тўлаш мажбурияти юзага келиши мумкин.
Солиқ базаси ҳар доим ҳам харидордан олинган бутун сумма бўлавермайди. Сотиш нархи ҳамда ҳужжат билан тасдиқланган сотиб олиш қиймати ўртасидаги ижобий фарқ даромад деб тан олинади. Агар сотиб олиш харажатларини тасдиқлашнинг имкони бўлмаса, ҳисоб-китоб учун кадастр қиймати қўлланилиши мумкин. Қоидалар ҳақида батафсил жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳақидаги материалда ўқиш мумкин.
Улушни сотишда кўчмас мулкнинг айнан ушбу қисмига эгалик қилиш муддати ва уни қўлга киритиш асосини ҳисобга олиш муҳим. Агар улуш мерос ёки ҳадя тариқасида олинган бўлса, бу ўз-ўзидан 36 ой ўтмасдан сотилганда солиқдан автоматик тарзда озод бўлишни англатмайди.
Агар улуш мерос қилиб олинган бўлса
Аввал меросхўр мерос ҳуқуқларини расмийлаштириши ва мулкни рўйхатдан ўтказиши лозим. Шундан сўнг у умумий қоидаларга кўра улушни тасарруф этиши мумкин. Сотиш учун мулк ҳуқуқини тасдиқлаш, шунингдек, қолган мулкдорларнинг имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига риоя қилиш талаб этилади.
Агар мулкдор вояга етмаган бўлса
Вояга етмаган шахсга тегишли кўчмас мулк бегоналаштирилганда, васийлик ва ҳомийлик органининг рухсати талаб қилинади. Бундай битим қўшимча шартларга эга, чунки боланинг мулкий манфаатларини ҳисобга олиш зарур. Нотариусга мурожаат қилишдан олдин рухсат олиш тартиби ва зарур ҳужжатлар рўйхатини аниқлаштириб олиш тавсия этилади.
Агар хонадон ипотекада бўлса
Агар улуш ёки хонадон гаров билан юклатилган бўлса, кредит шартномаси шартлари ва банк талабларини текшириш лозим. Гаровга қўйилган кўчмас мулкни бегоналаштириш учун гаров олувчининг розилиги талаб қилиниши мумкин. Чекловлар текширилмасдан битимни расмийлаштириш тавсия этилмайди.
Улуш ўрнига хонани сотиш мумкинми
Агар улуш натурада ажратилмаган бўлса, мулкдор аниқ бир хонани эмас, балки айнан мулк ҳуқуқидаги улушни сотади. Ҳатто мулкдорлар амалда турли хоналардан фойдалансалар ҳам, бу ўз-ўзидан уларни алоҳида кўчмас мулк объектларига айлантириб қўймайди.
Агар объектнинг техник хусусиятлари имкон берса ва қонунчилик талабларига риоя этилса, улушни натурада ажратиш мумкин. Мазкур масала мулкдорларнинг ўзаро келишуви асосида, келишув бўлмаган тақдирда эса суд тартибида ҳал қилиниши мумкин. Шу билан бирга, ҳар қандай хонадонни техник ва ҳуқуқий жиҳатдан мустақил объектларга ажратишнинг имкони бўлавермайди.
Кўп учрайдиган хатолар ва тавсиялар
Энг асосий хатолардан бири — бошқа мулкдорларни ёзма равишда огоҳлантирмасдан ёки ушбу хабарнома олинганини тасдиқловчи ҳужжатсиз сотишдир. Шунингдек, хабарнома юборилгач, бошқа мулкдорларга имтиёзли харид қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятини бермасдан нарх ва битим шартларини ўзгартириш мумкин эмас.
Расмийлаштиришдан олдин улуш ҳажмини, кадастр маълумотларини, кўчмас мулк бўйича тақиқларни ҳамда турмуш ўртоғининг розилиги ёки васийлик органининг рухсати зарурлигини текшириш муҳим. Мулкдорлар ўртасида низо бўлса, вояга етмаган мулкдорлар мавжуд бўлганда, шунингдек ипотека ёки мол-мулк банд солинган ҳолларда олдиндан юристга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқдир. Айниқса, Тошкент шаҳридаги хонадондаги улушни сотиш режалаштирилаётган бўлса, бу жуда долзарбдир.
Тошкентда ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида хонадондаги улушни расмийлаштиришнинг асосий қоидалари бир хил. Шу билан бирга, айрим харажатлар, масалан, давлат божи объектнинг жойлашган жойига қараб фарқ қилиши мумкин.
Тошкент шаҳридаги хонадон улуши бошқа ҳудудлардаги каби расмийлаштирилади, бироқ давлат божи миқдорини олдиндан нотариусдан аниқлаштириб олган маъқул.
Белгиланган тартиб ва бошқа мулкдорларнинг ҳуқуқларига риоя этилса, хонадондаги улушни қонуний йўл билан сотиш мумкин. Низолар ва кечикишларнинг олдини олиш учун мулк ҳуқуқини тасдиқлаш, бошқа мулкдорларни хабардор қилиш, белгиланган муддатни кутиш ва шартномани нотариус орқали расмийлаштириш лозим.
2026-йил 9-ноябр янгиланди



