Кўп квартирали уй-жойларни бошқаришда янги босқич: Ўзбекистонда кластер тизими жорий этилади
Ўқиш вақти 4 дақиқа
2026-йил 15-январ

Мазмуни
- Кўп квартирали уй-жой фонди: мавжуд ҳолат
- Муаммолар ва тизимли камчиликлар
- 2026–2030 йилларда кластер тизими — ҳуқуқий эксперимент сифатида
- Бошқарувчи ташкилотларга қўйиладиган талаблар
- “Менинг уйим” биллинг тизими ва шаффофлик
- Ҳисобот берилмаса — бадаллар тўхтатилади
- “Турар-жой” миллий ахборот тизими
- Рақамлаштириш ва сунъий интеллект
- Институционал ислоҳотлар
- Хулоса
Ўзбекистонда кўп квартирали уй-жой фондини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш, аҳолига кўрсатилаётган коммунал ва сервис хизматлари сифатини ошириш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев кўп квартирали уй-жойларни бошқариш соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишиб, соҳа олдида турган долзарб вазифаларни белгилаб берди.
Кўп квартирали уй-жой фонди: мавжуд ҳолат
Бугунги кунда мамлакатимизда 44 мингдан ортиқ кўп квартирали уйда 7,1 миллион нафар аҳоли истиқомат қилади. Ушбу уй-жойларга:
- 900 дан ортиқ бошқарув сервис компаниялари,
- 200 дан ортиқ ширкатлар,
- 856 та уйда эса ўзини-ўзи бошқариш тизими
хизмат кўрсатмоқда.
Сўнгги йилларда кўп қаватли уйлар ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш, умумий мол-мулкни таъмирлаш ҳамда муҳандислик коммуникацияларини янгилаш бўйича муайян ишлар амалга оширилди. Бу аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифати ва кўламини сезиларли даражада оширишга хизмат қилди.
Муаммолар ва тизимли камчиликлар
Шу билан бирга, соҳада ҳали ҳам ҳал этилиши лозим бўлган қатор муаммолар мавжуд. Хусусан:
- бошқарув сервис компанияларининг аксарияти фақат мажбурий бадаллар ҳисобидан фаолият юритмоқда;
- соҳага инвестиция киритишга қизиқувчи тадбиркорлар сони кам;
- йирик шаҳар ва вилоят марказларида яширин даромадлар расмий тушумлардан камида икки баробар кўп экани қайд этилмоқда.
Бу ҳолатлар соҳада иқтисодий жиҳатдан барқарор, шаффоф ва даромад келтирадиган янги моделни жорий этиш зарурлигини кўрсатмоқда.
2026–2030 йилларда кластер тизими — ҳуқуқий эксперимент сифатида
Шу муносабат билан 2026–2030 йилларда айрим шаҳар ва туманларда кўп квартирали уй-жойларни бошқаришнинг кластер тизимини жорий этиш таклиф қилинди. Ушбу тизим ҳуқуқий эксперимент сифатида амалга оширилади.
Эксперимент доирасида:
- уйлар техник ҳолатига кўра “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилади;
- камида 7 минг хонадондан иборат лотлар шакллантирилади;
- ҳар бир лот учун 5 йиллик ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилади.
Лотлар ва мастер-режалар туман кенгашлари томонидан тасдиқланади, бошқарувчи ташкилотлар эса “Менинг уйим” ахборот тизими орқали мулкдорларнинг овоз бериши асосида танланади.
Бошқарувчи ташкилотларга қўйиладиган талаблар
Янги тизимда бошқарувчи ташкилотлар учун қатъий минимал талаблар белгиланади. Жумладан:
- етарли ўз маблағи мавжудлиги;
- моддий-техник база;
- 24/7 ишлайдиган диспетчерлик хизмати.
Шунингдек, улар учун қўшимча даромад манбалари яратилади. Буларга маиший хизмат марказларини ташкил этиш, енгил конструкцияли қурилмаларни барпо этиш ва улардан узоқ муддатли фойдаланиш имкониятлари киради.
“Менинг уйим” биллинг тизими ва шаффофлик
Мажбурий бадаллар ҳамда бошқарувчи ташкилотларнинг хизматлардан оладиган барча қўшимча даромадлари фақат “Менинг уйим” биллинг тизими орқали ҳисобга олинади.
Белгиланган тартибни бузиш:
- бухгалтерия ҳисоби ва ҳисобот талабларини бузиш,
- электрон реестрдан чиқариб ташланиш
каби жиддий оқибатларга олиб келади.
Умумий мол-мулкни ижарага ёки текин фойдаланишга бериш бўйича шартномалар солиқ органларида мажбурий тарзда рўйхатга олинади.
Ҳисобот берилмаса — бадаллар тўхтатилади
Агар ҳар чорак якуни бўйича “Менинг уйим” тизимига ҳисобот киритилмаса:
- кейинги ойлар учун мажбурий бадалларни ҳисоблаш вақтинча тўхтатилади;
- орқага қайта ҳисоб-китоб қилинмайди.
Бу механизм бошқарувчи ташкилотларни молиявий интизомга ундашга хизмат қилади.
“Турар-жой” миллий ахборот тизими
Келгусида кўп квартирали уйларнинг:
- техник ҳолати,
- ер участкалари,
- энергия ва сув истеъмоли
каби маълумотларни ўз ичига олган “Турар-жой” миллий ахборот тизими босқичма-босқич ишга туширилади.
Кўп квартирали уйни фойдаланишга қабул қилишда кадастр паспорти расмийлаштирилиб, у автоматик тарзда ушбу тизимда акс этиши шарт бўлади. Шунингдек, ўрнатилган қуёш панеллари умумий мол-мулк сифатида бошқарув органига топширилиши белгиланди.
Рақамлаштириш ва сунъий интеллект
Соҳада рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳам устувор вазифа сифатида белгиланди. Аввало, бошқарув сервис компанияларининг диспетчерлик хизматларида сунъий интеллект асосида ишлайдиган тизимлар жорий қилиниб, мурожаатлар билан ишлаш тезлиги ва сифати оширилади.
Институционал ислоҳотлар
2026–2030 йилларда:
- ҳокимликлар ҳузурида уй-жой коммунал соҳани назорат қилувчи ҳудудий инспекциялар ташкил этиш;
- уларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларини шакллантириш;
- ҳокимнинг уй-жой коммунал хўжалиги бўйича ўринбосари лавозимини жорий этиш
таклиф қилинди.
Хулоса
Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга қисқа муддатда соҳага инвестиция жалб қилиш, уй-жой мулкдорлари ва бошқарув сервис компаниялари учун бирдек манфаатли, иқтисодий барқарор ва тўлиқ шаффоф тизим яратиш юзасидан аниқ топшириқлар берди.
Мазкур ислоҳотлар кўп квартирали уй-жойларни бошқаришда сифатли янги босқични бошлаб бериши, аҳоли ҳаёт сифати ва коммунал хизматлар даражасини янада оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
2026-йил 15-январ

