Қонунчилик палатаси депутатлари аҳолини шовқиндан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди
Ўқиш вақти 3 дақиқа
2025-йил 9-октябр

7 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Аҳолини зарарли шовқин таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қайта кўриб чиқилди. Аввалроқ лойиҳа депутатлар томонидан рад этилиб ва ишлаб чиқувчи қўмитага қайтарилганди.
Аввалги мажлисда қонуннинг 3 моддасида назарда тутилган шовқиннинг зарарли таъсирига таъриф муҳокамага сабаб бўлганди.
Қонун лойиҳаси билан фуқароларнинг тинчлиги ва нормал дам олишини бузишга йўл қўйилмайдиган вақтни амалдаги етти соатдан (соат 23:00 дан 6:00 гача) саккиз соатга (соат 23:00 дан 7:00 гача), қонунчиликда белгиланган дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларида эса соат 22:00 дан 9:00 гача ўзгартириш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, Фуқароларнинг осойишталик ва нормал дам олишини бузишга йўл қўйилмайдиган вақт оралиғида белгиланган меъёрдан ортиқ шовқинга йўл қўяётган объектлар фаолиятини тўхтатиб туриш ваколати белгиланмоқда.
Шовқин таъсири натижасида етказилган зарар учун суд тартибида компенсация ундириш бўйича норма киритилмоқда. Шовқинни йўл қўйиладиган даражасидан юқори бўлган меҳнат шароитларида ишларда банд бўлган ходимларнинг меҳнатига ҳақ, қонунчиликка асосан, оширилган миқдорда тўланиши мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Бундан ташқари, шовқин даражаси белгиланган нормалардан ортиқ бўлган транспорт воситаларни бошқариш учун жавобгарлик кучайтирилмоқда.
7 октябрь кунги мажлисда қайта ишланган лойиҳани депутатларга Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси Бекмирза Эшмирзаев таништирди. Унинг сўзларига кўра, аввалги мажлисда билдирилган эътирозлар инобатга олиниб, тузатишлар киритилган.
Хусусан, атамалар қисмида шовқиннинг зарарли таъсири масаласи бўйича қайд қилинган таклиф инобатга олинган. Яъни шовқиннинг зарарли таъсири атамаси «Шовқинни йўл қўйилган даражадан ошиб кетиши натижасида одамда сезиларли даражада безовталикнинг юзага келиши, шунингдек, организмнинг функционал тизимларида ва шовқинга сезгир бўлган аъзоларда жиддий ўзгаришлар пайдо бўлиши», деб ифодаланмоқда.
Депутат Сайдулло Азимов шовқиннинг зарарли таъсири деб олиш учун икки талаб бирдан бўлиши керакми ёки йўқ экани бўйича савол берди.
Дастлаб саволга Бекмирза Эшмирзаев жавоб берди.
Спикер ўринбосари, депутат Раҳимжон Ҳакимов жавобни тўлдириб шундай деди:
Экологик партия фракцияси аъзоси Азизбек Акбаров қонунда турар жой биноларида ва улар орасидаги ер участкаларида қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари ўтказилаётганда соат 9:00 дан 18:00 гача бўлган вақт оралиғида шовқиннинг йўл қўйиладиган даражасидан ошадиган шовқинни юзага келтирадиган манбалардан фойдаланиш мумкин деб белгиланаётгани юзасидан савол йўллади.
Саволга Адлия вазирлиги вакили Маҳмуд Исматов жавоб берди.
Муҳокама якунида қонун иккинчи ва учинчи ўқишда маъқулланиб Сенатга юборилди.
2025-йил 9-октябр