logo
Янгиликлар

Sea Breeze Uzbekistan лойиҳаси бўйича жамоатчилик эшитувлари 23 январь куни ўтказилади

Ўқиш вақти 2 дақиқа

2026-йил 20-январ

Sea Breeze Uzbekistan лойиҳаси бўйича жамоатчилик эшитувлари 23 январь куни ўтказилади

23 январь куни Газалкент шаҳрида йирик туристик лойиҳа — **Sea Breeze Uzbekistan**нинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш бўйича жамоатчилик эшитувлари бўлиб ўтади. Учрашув Бўстонлиқ тумани ҳокимияти биносида ўтказилиб, тадбир соат 10:00 да бошланади.

Жамоатчилик муҳокамаси Экология қўмитаси ҳузуридаги Давлат экологик экспертизаси маркази томонидан ташкил этилмоқда. Муҳокамада аҳоли, мутахассислар, ОАВ ва барча манфаатдор томонлар иштирок этиши мумкин.

Жамоатчилик эшитувларида қандай масалалар муҳокама қилинади?

Учрашув давомида лойиҳанинг асосий экологик ва шаҳарсозлик жиҳатлари муҳокама этилади:

  • режалаштириш ҳамда архитектура-қурилиш ечимлари;
  • атмосфера ҳавоси, сув ресурслари ва тупроққа бўладиган таъсир;
  • чиқиндилар билан ишлаш тизими;
  • яшил ҳудудлар ва сув объектларини муҳофаза қилиш;
  • экологик хавфсизликни таъминлаш ва мониторинг.

Бу масалалар лойиҳани амалга оширишда очиқлик ва жамоатчилик назоратини таъминлашга хизмат қилади.

Қачон ва қаерда ўтади?

  • Манзил: Газалкент шаҳри, Бўстонлиқ тумани ҳокимияти
  • Сана ва вақт: 23 январь, соат 10:00

Ташкилий масалалар бўйича: (+998 90) 348-11-55 (Марс Хегай). Блогерлар ва ОАВ учун: (+998 99) 315-10-05 (Нигина Аманова).

Чарвакдаги Sea Breeze Uzbekistan курорти

Халқаро туристик марказ лойиҳаси Чарвак сув омбори соҳилида жойлашади. У илк бор 2024 йил декабр ойида тадбиркор Эмин Агаларов томонидан Ўзбекистон Президенти **Шавкат Мирзиёев**га тақдим этилган.

Лойиҳа ташаббускори — Agalarov Development компанияси. Курорт доирасида дам олиш ҳудудлари, пляжлар, меҳмонхоналар, коттежлар, турар жой мажмуалари, дўконлар ва ресторанлар барпо этилиши режалаштирилган.

Лойиҳанинг асосий кўрсаткичлари:

  • Умумий майдон: 500–700 гектар
  • Жойлашув: жанубий соҳил — Юсуфхона қишлоғи атрофи; шимолий соҳил — Яккатут ва Боладала маҳаллалари оралиғи;
  • жанубий соҳил — Юсуфхона қишлоғи атрофи;
  • шимолий соҳил — Яккатут ва Боладала маҳаллалари оралиғи;
  • Инфратузилма: узунлиги камида 1 км бўлган кўприк;
  • Дастлабки инвестиция ҳажми: тахминан 10 млрд АҚШ доллари.

Инвестициялар ва қурилиш босқичлари

2025 йил июнь ойида Sea Breeze Uzbekistan қурилиши бўйича 5 млрд долларлик келишув имзоланди. Ҳужжатга кўра, 577 гектар ер ўзлаштирилади, шундан 100 гектари биринчи босқичда қурилади.

Мастер-режа ишлаб чиқиш жараёнига Буюк Британиянинг Scott Brownrigg архитектура компанияси жалб қилинган.

Экология ва компенсация чоралари

Лойиҳа доирасида қуйидаги мажбуриятлар белгиланган:

  • қимматли дарахтларни кўчириш ва компенсация сифатида янги кўчатлар экиш;
  • ер эгалари ва ижарачиларга етказилган зарарни қоплаш учун 5 млн доллар ажратиш;
  • экологик назоратни давлат органлари томонидан доимий олиб бориш.

Шунингдек, компанияга 2029 йил охиригача лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиши билан бир вақтда қурилиш ишларини олиб боришга рухсат берилган.

Нега жамоатчилик эшитувлари муҳим?

Sea Breeze Uzbekistan бўйича жамоатчилик эшитувлари:

  • аҳоли фикрини инобатга олиш;
  • экологик хавфларни камайтириш;
  • лойиҳада очиқликни таъминлаш;
  • маҳаллий манфаатлар ва инвестор режаларини уйғунлаштириш имконини беради.

Чарвак ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилган ушбу йирик курорт лойиҳаси мамлакат туризм соҳасида янги босқични бошлаб бериши кутилмоқда.

2026-йил 20-январ

Изоҳлар