Сенат қурилишларни тартибга солиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборди
Ўқиш вақти 3 дақиқа
2025-йил 4-август

Ўзбекистон Сенати Вазирлар Маҳкамасига қурилишларни тартибга солиш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан парламент сўрови юборди. Унда кўп қаватли уйларга туташ ҳудудларда ўзбошимчалик билан қурилиш қилинаётгани ва умумий фойдаланиш жойларини тўсиб олиш каби ҳолатлар муаммо сифатида қайд этилган.
2 августда ўтган Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлисда ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш ва қурилишларни тартибга солиш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилди.
Мажлисда сўзга чиққан сенатор Эркин Гадоев томонидан айрим ҳудудлардаги инфратузилмани ривожлантириш ва қурилишларни тартибга солишда соҳага оид қонун ҳужжатларига тўла риоя қилинмаслиги, ноқонуний, айниқса, кўп қаватли уйларга туташ ҳудудларда ўзбошимчалик билан амалга оширилаётган қурилишлар ва умумий фойдаланиш жойларини тўсиб олиш каби ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар талаб даражасида эмаслиги таъкидланди.
Таъкидланишича, техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилмаган, аниқ ҳисоб-китоби йўқ лойиҳаларга ташқи қарз жалб қилиш ҳолатлари мавжуд.
Хусусан, тиббиёт соҳасини ривожлантириш мақсадида жалб қилинган умумий қиймати 300 млн долларга тенг 3 та лойиҳа бўйича техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилмаганлиги сабабли халқаро молия институтлари маблағларидан бир йил ва ундан ортиқ муддатдан бери фойдаланилмасдан келинмоқда.
Масалан, 2024 йил майдаги қарз битимига асосан Тошкент шаҳрида 120 ўқув ўрнига эга бўлган қиймати 70 млн долларлик тиббиёт олий таълим масканини барпо этиш лойиҳалари бўйича техник-иқтисодий асос ҳанузгача ишлаб чиқилмаган.
Қурилиш ташкилотлари томонидан белгиланган қонун ва қоидаларга риоя этилмаганлиги оқибатида 2024 йил ва 2025 йилнинг ўтган даври давомида ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ёки бошқа қурилмаларни бузишга доир фуқаролик судларида кўрилган 11 мингдан ортиқ ишдан 8,3 мингтаси ёки (75 фоизи) қаноатлантирилиб, ноқонуний қурилмаларни бузиш тўғрисида суд қарорлари чиқарилган.
2023−2024 йилларда кўп квартирали уйлар қурилишида лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишдан тортиб фойдаланишга топширишгача бўлган жараёнларда 5,5 мингта ҳолатда қонунчилик талаблари бузилган.
Жумладан, 102 та кўп квартирали уй қурилишида сифатсиз ва лойиҳа ҳужжатларида кўрсатилган маркадан паст мустаҳкамликдаги бетон материаллари ишлатилган.
Кўп квартирали уйларга 139 та ҳолатда лифт ўрнатишга оид қонун ҳужжатлари талаблари бажарилмаган.
Шунингдек, II ва ундан юқори тоифадаги объектлар қурилишида бетон қуйиш жараёнида маҳсулотнинг сифатлилигини текширишга лаборатория мутахассиси жалб қилган ҳолда синов намунасини олиш учун пудратчи, техник назоратчи ва пудратчи ички назоратчисининг мажбуриятлари аниқ белгиланмаган.
Архитектура-шаҳарсозлик кенгашларининг фаолият юритиш тартиби тўлиқ электрон тизимга ўтказилмаганлиги сабабли 185 та ҳолатда объектларнинг лойиҳа ҳужжатларига чегаралар ва муҳофаза ҳудудлари, «яшил ҳудуд», автотураргоҳ ва болалар майдони ташкил этишга оид талаблар ҳисобга олинмасдан ижобий хулоса берилган.
Қурилиш объектига таъминотчи ташкилотлар томонидан етказиб берилган қурилиш материалларининг сифати ва талабга жавоб бериши пудратчи ташкилот томонидан ўрганилмаяпти.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш ва қурилишларни тартибга солиш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан юборилаётган ушбу парламент сўровининг асосий йўналишлари сифатида:
- Биринчидан, аҳоли пунктларининг бош режа ҳамда шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишда белгиланган вазифалар ижросини жадаллаштириш.
- Иккинчидан, халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилаётган лойиҳаларни жадаллаштириш ҳамда ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш чораларини кўриш.
- Учинчидан, 2025 йилги инвестиция дастури доирасида ижроси тармоқ жадвалидан ортда қолаётган айрим лойиҳалар бўйича кечикиш сабабларини таҳлил этиш ҳамда уларнинг ўз вақтида ва сифатли топширилишини таъминлаш.
- Тўртинчидан, ноқонуний қурилишлар, шунингдек, кўп қаватли уйларга туташ ҳудудларда ўзбошимча қурилишлар ва умумий фойдаланиш жойларини тўсиб олиш каби ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш.
- Бешинчидан, ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш ва қурилишларни тартибга солишда соҳага оид қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлаш.
- Олтинчидан, қурилиш-таъмирлаш ишларида сифатли материаллардан фойдаланилиши юзасидан назоратни ташкил этишда давлат назоратчиси билан бирга пудрат ташкилотининг ҳам вазифалари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилаш.
- Еттинчидан, ҳудудий архитектура ва шаҳарсозлик кенгашлари томонидан объектларнинг лойиҳа ҳужжатларига чегаралар ва муҳофаза ҳудудлари, «яшил ҳудуд», автотураргоҳ ва болалар майдони ташкил этишга оид талабларга зид равишда ижобий хулоса берилишининг олдини олишга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш, бу борада уларнинг масъулиятини кучайтириш.
- Саккизинчидан, архитектура-шаҳарсозлик кенгашларининг фаолиятини тўлиқ электрон тизимга ўтказиш бўйича чора-тадбирларни белгилаш.
- Тўққизинчидан, Қурилиш объектига таъминотчи ташкилотлар томонидан етказиб берилган қурилиш материалларининг сифат назорати ва талаб даражасини пудратчи ташкилот томонидан ўрганилиши юзасидан кўрилаётган чоралар ва юқорида қайд этилган бошқа масалалар бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш сўрови қўйилмоқда.
Муҳокама якунида ушбу мақсадида Сенатнинг Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.
2025-йил 4-август